islamkingdomfaceBook


Алиф Лом Мим. (Ҳижо ҳарфлари ҳақида Бақара сурасида батафсил тўхтаб ўтилган.)

У сенга китобни ҳақ ила ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб туширди ҳамда Таврот ва Инжилни туширди.

Албатта, Аллоҳ Унга ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайдиган зотдир.

У сизларни бачадонларда хоҳлаган сувратга соладиган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.

Аллоҳ–Ундан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ, тирик ва қаййум зотдир. (Ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У қаййум–бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир.)

Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи зотдир. (Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган китобни ҳам Аллоҳнинг Ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас, Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми. )

У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. («Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муштабоҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)

Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.

Эй Роббимиз, албатта, сен одамларни келишига шубҳа йўқ кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.