islamkingdomfaceBook


Сендан фатво сўрарлар. Сен: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берадир», деб айт. Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилади. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олади. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини оларлар. Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида оладилар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. («Калола» нима эканлиги хусусида ушбу Нисо сураси аввалида баҳс қилганмиз.)

Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир. (Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзи Аввало, инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Буни иймон аҳдномаси дейилади ва у ўз ичига Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган. )

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.