islamkingdomfaceBook


Алиф. Лом. Мим. Ро. Ушбулар китобнинг оятларидир. Ва сенга Роббингдан нозил қилинган нарса ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар.

Аллоҳ сиз кўриб турган осмонни устунсиз кўтарган, сўнгра аршга эга бўлган, қуёш ва ойни Ўзига бўйинсундирган зотдир. Ҳар бири номланган ажалгача юрадир. У ишнинг тадбирини қиладир, оятларни муфассал этадир. Шоядки Роббингизга мулоқот бўлишга ишонч ҳосил қилсангиз. (У–Аллоҳ дунёдаги барча ишнинг тадбирини қилади. Ҳа, нима ҳодиса рўй берса, ҳаммаси Аллоҳнинг тадбири биландир, жумладан, юқорида зикр қилинган ишлар ҳам. Ана шундай ишларга қодир Аллоҳ Пайғамбарига ҳақ китобни юбора олмасмиди?! Ана ўша Роббингизга мулоқот бўлганингизда, яъни, қиёматда қайта тирилганингизда иймондан, жумладан, Аллоҳнинг ҳақ китобига бўлган иймондан ҳам сўраласиз.)

У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратур. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Ҳа, у кўз ўнгингизда ерни чўзиб қўйган зотдир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган.)

Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумлар, боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, бир хил сув ила суғориларлар ва уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қиламиз. Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак. Улар бир хил ерга экилади, бир хил суғорилади, аммо таъми хилма хилдир. Хурмо ҳам шу. Ер бир, сув бир, лекин мевасининг таъми бир-бириникига ўхшамайди. Хўш, буни ким қилади? Албатта, Аллоҳ.)

Агар ажабланадиган бўлсанг, уларнинг: «Агар биз тупроқ бўлиб кетсак ҳам, янгидан яратиламизми?!» дейишлари яна ҳам ажабланарлидир. Ана ўшалар Роббиларига куфр келтирганлардир. Ана ўшалар бўйинлари кишанларда бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.